Малайзия собиқ бош вазири Махатхир Муҳаммад мамлакатнинг ҳозирги бош вазири Нажиб Раззоқни коррупция ҳамда “мансабни суиистеъмол қилиш ва ишончни оқламаслик”да айблаб судга берди.

Reuters агентлигининг хабарига кўра, бош вазир, шунингдек, “фаол ва онгли равишда фирибгарлик ҳаракатларда... ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан олиб борилган суриштирув-тергов ишларига халал бериш, аралашиш ва қийинчилик туғдириш”да ҳам айбланмоқда.

Ўтган йилнинг июль ойида Американинг The Wall Street Journal нашрида Малайзия ҳукумати раҳбари Нажиб Раззоқ хусусий ҳисоб рақамига давлат сармоя жамғармалари билан боғлиқ 1MDB компаниясидан икки йил давомида 700 миллион доллар келиб тушгани ҳақида мақола чот этилганди. Шундан сўнг Антикоррупцион бўлим, Марказий банк ва полиция вакилларидан иборат махсус комиссия тузилган, текширув натижаси маҳкама раҳбарининг шахсий ҳисоб рақамида, ҳақиқатдан ҳам, бир неча юз миллион доллар борлигини кўрсатган эди. Бироқ бош вазир ушбу маблағлар унга сиёсий мақсадларда хайрия қилинганини ва у бу маблағдан шахсий мақсадларда фойдаланмаганини маълум қилган.