Россия бош вазири Дмитрий Медведев Украина хавфсизлик хизмати бошлиғи Василий Грицакни "аҳмоқ" деб атади. Медведев шу тариқа ўзининг фейсбукдаги саҳифасида Грицакнинг Брюсселдаги портлашларда Россия изи топилиши мумкинлиги ҳақидаги сўзларига изоҳ берди.

"Россиянинг Брюсселдаги терактларга алоқаси борлигини айтган Украина хавфсизлик хизмати бошлиғи Грицак аҳмоқ", деб ёзди Медведев.

Аввалроқ Россия ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова Грицакнинг айтган сўзларини назарда тутиб, ҳаётлари ярамас одамлар қарорларига боғлиқ бўлган украиналикларга ачинишини айтганди. "Инсон бундай гап гапирмайди. Бу инсонийлик чегарасидан чиқади. Ҳаётлари бундай ярамасларнинг қарорларига боғлиқ бўлганларга ачинаман", деб ёзди Захарова фейсбукда.

Украина хавфсизлик хизмати бошлиғи Грицак 22 мартда нутқ сўзлаётганда Брюсселнинг халқаро аэропорти ва бир қатор метро станцияларидаги портлашларда Россия изи аниқланиши мумкинлигини айтди. "Сиз бугун Брюсселда иккита портлаш бўлганини билсангиз керак ва дастлабки маълумотларга кўра 12 қурбон бор. Бу портлашда Россиянинг гибрид уруши элементи бўлса ҳайрон бўлмайман, бироқ ИШИД томонга имо-ишора қилишади", деб айтди Грицак.