Брюсселдаги терактлар ташкилотчилигида гумонланиб, Бельгия полицияси томонидан қидирувда бўлган учинчи шахс Нажим Лахрауи ҳисобланади. Бу ҳақда маҳаллий La Derniere Heure газетаси хабар берди.

Қайд этилишича, Брюссель аэропортидаги кузатув камералари орқали тасвирга олинган суратдаги учинчи шахс айнан у, яъни ўтган ҳафтада Париж терактлари ташкилотчиси сифатида қўлга олинган Салоҳ Абдисломнинг хабарчиси ҳисобланади.

Нажим Лахрауи 18 март куни Салоҳ Абдисалом қўлга олингач, унинг шериги сифатида қидирувга берилганди.

Бундан олдинроқ, Бельгия ИИВ раҳбари Ян Ямбон Брюсселдаги портлашлар Абдисломнинг қўлга олиниши билан алоқадор эмаслигини билдирганди. Портлашлар учун жавобгарликни зиммасига олган ИШИД ҳам бу терактлар Бельгиянинг халқаро коалиция таркибида Ироқ ва Сурия ҳудудидаги амалиётларда қатнашганига жавобан содир этилганини айтган.

Эслатиб ўтамиз, 22 март куни маҳаллий вақт билан соат 8:10да Брюссель аэропортида иккита портлаш содир этилди. Кўп ўтмасдан, Брюсселдаги метро бекатларида ҳам 3та теракт амалга оширилди. Сўнгги маълумотларга кўра, портлашлар оқибатида 31 киши ҳалок бўлган, 250га яқин киши жароҳатланган.

Брюссель аэропортидаги теракт ижрочилигида гумон қилинаётганларнинг шахслари аниқланди