Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) интернетда жойлаштирилган мухолифат вакилларининг давлат ҳукуматини босиб олиш тўғрисидаги режалари муҳокама қилинган аудиоқайднинг ҳақиқийлигини тасдиқлади. Бу ҳақда маҳкаманинг жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар қилди.

Қирғизистон интернет сегментларида 22 март куни уч нафар эркакнинг суҳбати ёзиб олинган аудиоқайд пайдо бўлган эди. Уларнинг овози сиёсатчи Давлатбек Турдуналиев, жанубий Жалолобод вилояти собиқ губернатори Бектўра Асанов ва Миллий мухолифат ҳаракати бошқарувчиларидан бири Қувончбек Қодировларнинг овозига ўхшаши фойдаланувчиларнинг эътиборини тортган.

Суҳбат иштирокчилари мамлакатда ҳокимиятни қўлга олиш режасини муҳокама қилади. Улар 14 март куни Талас вилояти, 24 март куни эса Ўш ва Баткен вилоятлари марказидаги, кейин бошқа маъмурий марказлар, хусусан Бишкекдаги давлат органлари биносини босиб олишни режалаштиришган. Уларнинг асосий мақсади президент, бош вазир ва парламентни ағдариш бўлган.