Брюссель полицияси такси ҳайдовчиси берган маълумотларга таянган ҳолда аэропорт ва Скарбек коммунасидаги квартирада портлаш мосламасини қўлга киритди.

La Derniere Heure нашрининг хабарига кўра, ҳайдовчи тахминий террористларни аэропортга олиб борган. ОАВ орқали жиноятчилар ҳақида эшитгач, у ўша заҳоти полиция билан боғланади ва шубҳали шахслар, кузатув камераларида кўрсатилганидек, учта эмас, кўпроқ сумка олиб киришганини маълум қилади. Айнан шу кўрсатмалар полицияга Брюссель аэропортида портламаган бомбани топишда ёрдам берди.

Бундан ташқари, такси ҳайдовчиси йўловчиларни олиб кетган Скарбек коммунасидаги уй манзилини ҳам билдирган. Унинг айтишича, йўловчилар кўпроқ халта олмоқчи бўлишган, лекин машинада бошқа жой қолмаган. Кўрсатилган манзил тинтув қилинганда, портловчи мослама, кимёвий моддалар ва ИШИД террористик гуруҳининг байроғи топилган.