Брюсселдаги терактлардан кейин УЕФА яна бир марта 2016 йилги Европа чемпионатининг бир қанча ўйинлари мухлисларсиз стадионларда ўтказилиши мумкинлигини билдирди.

"Францияда ўтказиладиган Европа чемпионати вақтида хавфсизликни таъминлаш биринчи вазифа ҳисобланади. Ўйинларнинг барчаси ўтказилади, бунга шубҳа бўлиши керак эмас. Лекин баъзи ўйинлар хавфсизлик нуқтаи назарида мухлисларсиз стадионларда ўтказилиши эҳтимоли сақланиб турибди", дея ташкилот вакили Абетнинг сўзларидан иқтибос келтиради La Gazzetta dello Sport.

Бундан олдинроқ ҳам УЕФАдагилар Евро—2016 ўйинлари томошабинларсиз ўтказилиши мумкинлигини тасдиқлашганди.

2 март куни Франция футбол бўйича 2016 йилги Европа чемпионатининг финал қисми бошланишига қадар 100 кунлик тескари саноқни бошлади. Шу муносабат билан турнир директори Мартин Каллен ташкилотчилар ўйинларни бўш трибуналар билан ўтказиш эҳтимолини кўриб чиқаётганини айтганди.

Кейинроқ, Франция расмийлари ўйинлар томошабинларсиз ўтказилиши мумкинлигини инкор қилди.