Украина бош прокуратураси украиналик учувчи Надежда Савченкога ҳукм чиқаришга алоқадор бўлган ҳакамлар ва прокурорларга қарши иккита жиноий иш қўзғатди. Бу ҳақда Украинанинг "Апостроф" нашри маълум қилди.

"Кеча судгача терговлар ягона рўйхатига иккита жиноий иш киритилди. Биринчиси – Савченкога нисбатан ноқонуний ҳукм чиқарган Россиянинг Донецк шаҳри суд ҳакамларига қарши қўзғатилган. Иккинчиси Россия прокурорлари билан боғлиқ. Улар шахсни жиноий жавобгарликка ноқонуний тортишда айбланмоқдалар", деб айтди прокурор.

Прокурор Украина бош прокуратураси Савченко иши бўйича Россия прокурорлари ва ҳакамларини сиртдан қоралаш учун Интерполга мурожаат қилмоқчи эканлигини айтди.

Аввалроқ Ростов вилоятининг Донецк шаҳар суди украиналик учувчи Савченкони россиялик журналистларни ўлдиришда айбдор деб топиб, умумий тартибдаги колонияда жазони ўташ билан 22 йилга озодликдан маҳрум қилди.