Mitsubishi Heavy Industries Япония компанияси БААнинг 2020 йилда Al Amal (“Умид”) станциясини Марсга учириш тендерини ютиб олди.

Ушбу станция Бирлашган Араб Амирликларининг Қизил сайёрага учиришга мўлжалланган илк мосламасидир, деб хабар беради The National нашри.

Япония компанияси тендернинг ўнта иштирокчиси ўртасидан танлаб олинди. Станция Mitsubishi корпорацияси ишлаб чиққан H-IIA ракета-йўлдоши ёрдамида Танэгасима оролидаги космодромдан учирилиши режалаштирилмоқда.

Зонд соатига 40 минг километргача тезликда ўртача 60 миллион километр масофани босиб ўтиб, БАА ташкил топганининг 50 йиллиги санаси – 2021 йил 2 декабрда Марсга етиб боради. Аппарат ўз миссияси давомида Ерга Қизил сайёра атмосфераси ва иқлими тўғрисида тахминан терабайт маълумот юборади. Ушбу маълумотлар бутун дунё бўйича мутахассислар томонидан фойдаланилади.