Хитой ҳаво сифати устидан назорат ўрнатиш борасида ягона умумдавлат стандартларини жорий қилади. Бу ҳақда Давлат метеорология бошқармаси раҳбари Чжэн Гогуан баёнот берди. Унинг сўзларига қараганда, “ҳавонинг ифлосланиши билан боғлиқ муаммога жамоатчилик вакилларининг қизиқиши ортгани инобатга олинган ҳолда кучли смогни классификациялаш мақсадида” давлат метеорология бошқармаси Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси билан ҳамкорликда миллий стандарт жорий қилиш устида иш олиб бормоқда. Айни дамда пойтахт Пекин, Тяньцзин шаҳарлари ва Хэбэй вилояти учун ягона ҳаво стандарти яратиш борасида иш олиб борилмоқда. Амалдорнинг сўзларига кўра, Хитой 2020 йилга бориб метеорология тизимини модернизациялаш жараёнини якунлайди.

Эслатиб ўтамиз, Хитойнинг кўплаб шаҳарлари атмосферадаги кучли ифлосланишдан азият чекади. Ўтган йилнинг куз-қиш ойларида пойтахт Пекин ва бошқа бир қатор шаҳарларда экологик хавфсизликнинг энг юқори –“қизил” ва “сариқ” даражаси эълон қилинди.

Расмийларнинг режасига кўра, Пекин, умуман Хитой шимолий минтақалари 2020 йилга бориб тўлалигича смогдан қутилиши керак. Шу муддатга қадар кўмир билан ишловчи иссиқлик электростанцияларининг фаолияти тўхталиб, экологик тоза муқобил энергетикага ўтилади. Ҳозирги дамда смогнинг пайдо бўлишига 60 фоиз кўмир сабаб бўлиши айтилади. Бу ҳақда Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг Пекин бюроси вакили Фан Ли маълум қилган. Юзага келган бундай вазиятга автомобиллардан чиқаётган тутунлар ҳам сабаб бўлади. Пекин қишлоқ туманларини ривожлантириш хизмати раҳбари Го Цзихуанинг айтишича, шу йилдан бошлаб пойтахт атрофидаги 400 га яқин қишлоқда электрлаштириш ва газлаштириш ишлари олиб борилади. Кейинчалик бу кампания Чаоян, Хайдянь, Фэнтай ва Шицзиншань мегополисларининг қишлоқ туманларига жорий этилади.

Пекин ҳукумати 2013 йилда “Ҳавонинг жиддий ифлосланиши олдини олиш мақсадида фавқулодда чоралар режаси”ни қабул қилди.

Смог Пекин ва унинг аторофидаги Тяньцзинь шаҳри ва Хэбэй вилояти худудларини, жами 660 минг квадрат километр майдонни қамраб олганидан сўнг расмийлар аҳолига мурожаат қилиб, “соғлиқлари ҳақида ўзлари қайғуришлари лозимлигини, зарурат туғилмаганда кўчага чиқмасликларини, агар кўчага чиқиш зарурияти пайдо бўлса у ҳолда ниқоб таққан ҳолда чиқишлари” борасида тавсия берди.

Пекин кўчаларида транспорт қатнови “тоқ ва жуфт” принципига асосан йўлга қўйилди. Яъни бир кун тоқ рақамли, кейинги куни жуфт рақамли автомобиллар қатнови жорий қилинди. Ҳукумат давлатга тегишли корхона ва компаниялар автотранспорт воситаларидан фойдаланишни учдан бир қисмга камайтиришга қарор қилди.

Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда 20 миллион аҳоли истиқомат қилаётган Пекинда 5 миллионта автомашина бор. Ҳар йили бу шаҳарда автомашиналар сони 250 мингтага кўпаяди. Шарҳловчилар шаҳардаги автомашиналарнинг 30 фоизини тўхтатиб туриш билан муаммо ҳал бўлмаслигини таъкидлашмоқда. Чунки Хитойда атроф-муҳитга заҳарли газ чиқазадиган саноат корхоналари кўплаб топилади. Масалан, жаҳонда фойдаланадиган кўмирнинг тенг ярми Хитой ҳиссасига тўғри келади.

Ҳавонинг ифлосланишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳар ва унинг атрофида истиқомат қилувчи аҳолининг байрамларда маёқбозлик қилишлари ва очиқ ҳавода олов ёқишлари тақиқланди. Бир қатор корхоналарнинг фаолияти тўхтатилди. Бошланғич ва ўрта мактабларда дарслар бекор қилинди. Бу йилдан бошлаб Хитой шаҳарларининг расмийлари экология бўйича хавфсизлик даражасини энг юқори кўринишини жорий қила бошлади. Сўнгги йилларда Хитой пойтахти Пекинда қуюқ туман, тўғрироғи смог, яъни турли аралашмалардан иборат заҳарланган ҳаво пайдо бўлмоқда. Йўлларда кўриш даражасининг мураккаблашиб кетаётгани боис бир қатор автомобиль йўллари беркитилади. Самолётларнинг парвозлари ҳам вақти-вақти билан бекор қилинади. Туманнинг табиий эмаслиги тан олинди. Ҳавода майда қаттиқ зарралар индекси 526дан юқори бўлиб, бу Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти соғлиқ учун хавфсиз деб белгилаган меъёрдан 10 баробар юқори ҳисобланади.

Ҳавони ифлослантираётган заҳарли туман атроф-муҳитга катта зиён етказаётгани айтилмоқда. Хитой ҳукумати мамлакат аҳолисини ташвишга солаётган муаммодан эндиликда кўз юмиб бўлмаслигини, фожиа қамрови жуда ҳам ташвишли эканини тан олди. Давлатга тегишли оммавий ахборот воситаларида берилаётган хабарлар шундан далолат бермоқда.

Смог, инглиз тилидан таржима қилинадиган бўлса, (“smoke” тутун, “fog” туман) “Тутунли туман” маъносини англатади. Унинг таркибида туман, кул ва тутун бўлади. “Смог” атамаси биринчи бор ўрта асрларда кўмир ёқилиши оқибатида шаҳар ҳавосининг ифлосланиши кузатилган Англияда пайдо бўлган. Илк бор смог ҳақида шифокор Генри Антуан де Во 1905 йилда ёзган “Туман ва тутун” мақоласида маълумот берган. 1950 йилда калифорниялик олим Ҳааген-Смит смогнинг янги тури ҳақида батафсил ёзиб қолдирган.

Олимларнинг сўзларига қараганда, жаҳондаги йирик мегополисларнинг “бош оғриғи”га айланиб қолган смог ҳар қандай табиат ва иқлим шароитларида йирик шаҳарларда ва саноат марказларида пайдо бўлиб ҳавони ифлослантириши мумкин. Айниқса, кунлар исиб кетган вақтда смог одамлар, жумладан, болалар ва кексалар соғлиғига жиддий зиён етказади. Смог жуда хам хавфли бўлиб, кўп ҳолатларда нафас олишни қийинлаштиради, уйқусизлик, бош оғриғи, кўздан ёш оқиш, йўтал ва бошқа турли касалликларга сабаб бўлади.

Ш.Тўлаганов