AliExpress электрон савдо майдони “Халява” (“Бепул”) бўлимини ишга туширди. Унда товарлар 0.01 доллар қийматида сотилади. Бу ҳақида компания пресс-релизида хабар қилинди.

“Халява” бўлимида хитойнинг таниқли брендлари - XiaoMi, Lenovo, Povos, Kiki, Haier, Bluedio, EverPretty ва бошқа бренд маҳсулотлари тақдим этилган.

Харидор товарни сотиб олиш учун аввал ариза қолдириши керак. Агар ариза қабул қилинса, сайт фойдаланувчиси 0.01 доллар тўлаши керак бўлади. Тўлов амалга оширилиб, харидор маҳсулотни қабул қилгач, уни текшириб кўриши ва ижтимоий тармоқларда ўз таасуротлари билан ўртоқлашиши керак.

Аризаларни тасдиқлаш жараёни махсус алгоритм ёрдамида қуйидаги маълумотларни ҳисобга олган ҳолда амалга ошади: фойдаланувчиларнинг дастурда фаоллиги, бошқа бўлимлардаги буюртмалар частотаси, маълум бир вақт ичидаги буюртмалар сони, шунингдек, вақти-вақти билан қолдирилган ижобий фикрлар ҳамда ижтимоий тармоқлардаги фаол иштирок.