Америкалик актриса ва режиссёр Анжелина Жоли қочқинлар масаласини ҳал этишда Греция ва Туркияга ёрдам беришга чақирди, дея хабар беради People.

Яқинда Жоли БМТ махсус элчиси сифатида навбатдаги сафарни амалга оширди. Хабар қилинганидек, у Ливаннинг Бекаа водийсидаги суриялик қочқинлар билан учрашди, шунингдек, Грециянинг Пирей портидаги ноқонуний муҳожирлар лагерига ташриф буюрди.

Актрисанинг баёнотида ёзилишича, ҳозирги кундаги инқироз – бутун дунёдаги ниҳоясиз можароларнинг натижасидир.

“Афғонистондан то Сомалигача ҳар куни бўлаётган бу урушлар узоқ вақтдан бери ОАВ сарлавҳаларида ёритилмай қўйилган бўлса-да, ҳануз давом этмоқда”, — дея таъкидлади Жоли.

Актрисанинг хабар беришича, қочқинлар сони 60 миллионга етди. Жоли одамларни қочқинларга айлантираётган можароларга тезроқ нуқта қўйиш ва қочқинлар масаласида Греция, Туркия каби мамлакатларга ҳам ёрдам бериш зарурлигини қайд этди.