Россиянинг Пермь ўлкаси Полвонлар иттифоқи вакиллари АҚШда бўлиб ўтаётган Arnold Amateur World championship 2016 мусобақаларида Голливуд юлдузи, актёр Арнольд Шварценеггерга Россия президенти Владимир Путин сурати туширилган футболкани совға қилишди. Бу ҳақда permnews.ru сайти хабар бермоқда.

Мусобақалар иштирокчиси, россиялик оғир атлетикачи Сергей Харламов актёрнинг бу совғага қандай муносабат билдиргани ҳақида гапириб берди. Унинг айтишича, Арнольд Шварцнеггер совға учун миннатдорчилик билдириш вақтида ҳазиломуз тарзда муносабат билдириб, Путинни "рус Терминатори" деб атади.

"Унинг фикрини билиш жуда қизиқ бўлди. У футболкани олмаслиги ҳам мумкин эди. Одам ҳар қандай муносабат билдириши мумкин. Мен Шварцнеггерга "бизда сизга антиқа совға бор" дедим. У бўлса "Ҳа" деб жавоб берди ва совғани олгач, бироз таажжубланиб туриб, "Russian Terminator" ("рус Терминатори") деб айтди", демоқда Харламов.

Шварценеггер томонидан ташкил этиладиган Arnold Amateur World championship халқаро фестивали билаклар кучини намойиш қилиш спортида нуфузли мусобақа ҳисобланади. У АҚШда 1989 йилдан бери ўтказиб келинади.