Audi компанияси R8 – Spyder суперкарининг усти очиқ модификациясини намойиш қилди. Янги машина Нью-Йорк автосалонида илк бор намойиш қилинди.

Моделнинг узунлиги 4426 мм, эни 1940 мм, баландлиги 1244 мм, ғилдираклар базаси ўлчами 2650 мм ни ташкил қилади. Суперкар ўзининг аввалги версиясидан 14 мм калтароқ ва 36 мм энлироқ қилиб ишланди, бироқ шу билан бирга автомобилнинг қолган кўрсаткичлари аввалгидек ўзгаришсиз қолди.

Суперкар юмшоқ томга эга бўлиб, у 44 кг келади ва электрогидропривод ёрдамида 50 км/соат тезликда 20 сония ичида йиғилади. Суперкарнинг оғирлиги 1612 кг бўлиб, қувватининг вазнга нисбати бир от кучига 3,19 кг ни ташкил қилади.

Янги авлоддаги модель учун шовқин изоляцияси яхшиланди, ҳаво оқимларининг уюрмаланиши камайтирилди. Машина очиқ том билан юрганда синтетик материалдан тайёрланган махсус "латта" дефлектор эвазига йўловчиларнинг бош ва бўйин қисмларида "шамол тегиши" мос равишда 90 ва 80 фоизга камайди.

Audi R8 тўлиқ приводли бўлиб, 5,2 литрли, V10, 540 от кучига эга мотор ва 7 поғонали роботлаштирилган узатмалар қутиси билан жиҳозланган. Машина 100 км/соат тезликка 3,6 сонияда, 200 км/соат тезликка эса 11,8 сонияда эришади. Машинанинг максимал тезлиги 318 км/соатни ташкил қилади. Машина 100 км йўлга ўртача 11,7 литр ёнилғи сарфлайди.

Суперкар 19 дюймли дисклар ва олд томондан 245/35 ўлчамли ва орқа томондан 295/35 ўлчамли шиналар, 8 поршенли тормоз, Bang & Olufsen аудиотизими, 12,3 дюймли рақамли асбоблар панели ҳамда бош ёруғликнинг лазер фараларини олди.