Саудия Арабистони Saudi Bin Laden Group (SBG) қурилиш компанияси нефть нархи пасайиши оқибатида 30 млрд доллардан кўпроқ қарзга ботди, деб хабар бермоқда бу муаммодан хабардор банкирлар ва молиявий маслаҳатчиларга иқтибос келтирган ҳолда The Wall Street Journal нашри. Иккита кредиторнинг айтишича, компания бир қатор тўловлар бўйича дефолтга (қарзни тўлай олмаслик) йўл қўйди.

Манбаларнинг таъкидлашича, дефолтларга компания томонидан бажарилган ишларга Саудия Арабистони ҳукумати томонидан ўз вақтида пул тўланмагани сабаб бўлган. Компания бўлимларидан бирида таъкидланишича, бош компаниядан ярим йил давомида молиялаштириш олишмаган. Тўловларнинг кўп ойлик ушланиши пудратчилар ва етказиб берувчиларга ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда.

Февраль ойи охирида Маккада компания ишчиларининг оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтди, улар маошларнинг тўланмаётганига қарши чиқишган. Саудия Арабистони меҳнат вазирлигининг маълум қилишича, компания қонунга кўра жазолангани сабаб унга пул берилмаган.

Нашрнинг эслатишича, компания Саудия Арабистони раҳбарияти билан яқин алоқаларга эга бўлган ва шунинг эвазига, жумладан Макка ва Мадина шаҳарларини ободонлаштириш ҳамда йирик инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш учун кўп миллиардлик давлат буюртмаларини олган.

Компаниянинг қарзлари бу йирик лойиҳаларни молиялаштириш давомида йиғилиб қолган. Нашрнинг маълумотларига кўра, компанияга ҳам Саудия Арабистони, ҳам хорижий банклар кредит берган.

Ўтган ҳаж мавсумида ҳаж зиёратчилари устига қурилиш кранларидан бири тушиб кетган. Бунинг натижасида юзага келган саросима оқибатида юзлаб одамлар ҳалок бўлган. Нашрнинг таъкидлашича, шу сабабли Каъбатуллоҳ атрофида қурилиш ишларини олиб борган компания ва қироллик раҳбарияти ўртасидаги муносабатларга совуқчилик тушган. Оқибатда қирол Салмон компанияни янги лойиҳаларда иштирок этишдан четлатган ва компания раҳбарларига хорижга чиқишни тақиқлаб қўйган.

Компания оилавий компания бўлиб, ўзининг молиявий ҳисоботини чоп этмайди. Компания нашрга молиявий аҳволи ҳақида изоҳ беришдан бош тортган. Яқинда компания раҳбарияти билан учрашган нашрнинг икки манбасининг таъкидлашича, компания бошқаруви унинг бу муаммоларни енга олишига ишонишини айтган.

Нашр суҳбатдошларининг фикрича, ҳукумат компаниянинг касодга учрашига йўл қўйиши даргумон, чунки у Саудия тизимининг тарқибий қисми ҳисобланади. Маълумотларга кўра, компания ҳиссасига Саудия Арабистонида қурилиш соҳасидаги барча давлат буюртмаларининг 70 фоизи тўғри келади.

"Ал-Қоида" террорчилик гуруҳининг собиқ етакчиси Усама бин Лодин компания асосчисининг ўғилларидан бири бўлган, бироқ у ҳеч қачон компания фаолиятига алоқаси бўлмаган. Бироқ АҚШдаги 11 сентябрдаги терактдан кейин кўпчилик ҳалок бўлганларнинг яқинлари компанияга даъво аризаси беришган, бироқ улар рад этилган.