Lufthansa концерни Бельгия пойтахтига амалга оширилиши белгиланган барча рейсларини 28 март кунигача бекор қилди. Бунга Брюсселда юз берган терактлар туфайли шаҳарда хавфсизлик шароитлари етарли даражада таъминланмагани сабаб сифатида кўрсатилган. Бу ҳақда компания сайтида маълум қилинган.

"22 март кунидан 28 март кунигача Брюсселга амалга оширилиши керак бўлган 156та рейс бекор қилинди. Бу 12,3 минг нафар йўловчига таъсир кўрсатади", дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 22 март куни маҳаллий вақт билан соат 8:10да Брюссель аэропортида иккита портлаш содир этилди. Кўп ўтмасдан, Брюсселдаги метро бекатларида ҳам 3та теракт амалга оширилди. Сўнгги маълумотларга кўра, портлашлар оқибатида 31 киши ҳалок бўлган, 40 давлат фуқаролари бўлган 300га яқин киши жароҳатланган.