Брюсселда 22 март куни содир этилган терактлар ижрочилари сифатида қаралаётган ака-ука Бакравийларнинг асосий мақсади АЭСни портлатиш бўлган. Бу ҳақда La Derniere Heure газетаси хабар тарқатган.

Нашрнинг ёзишича, Париждаги теракт ижрочиси сифатида 18 март куни қўлга олинган Салоҳ Абдислом уларга терактни тезлаштириш ва биринчи режани ўзгартириш топшириғини беришга улгурган.

Шундан сўнг, Холид ва Иброҳим Бакравий 22 март куни эрталаб Брюсселдаги Завентим аэропортида ўзларини портлатишди. Кўп ўтмасдан, Брюсселдаги метро бекатларида ҳам аввалдан ўрнатилган бомбалар орқали 3та теракт амалга оширилди. Сўнгги маълумотларга кўра, портлашлар оқибатида 31 киши ҳалок бўлган, 300га яқин киши жароҳатланган.

Теракт ижрочилари аэропортга киришда кузатув камералари орқали суратга олинган.

Бельгия ҳукумати АЭСни қўриқлашни кучайтириш учун 140 нафар ҳарбий ажратган.

Бундан олдинроқ, Бельгия бош прокурори Фредерик ван Лёв жангарилар истиқомат қилган Скарбек коммунасидаги уйда ўтказилган текширувлар натижасида 15 кг миқдоридаги портловчи моддалар топилгани ҳақида маълум қилганди.