2015 йилда Ўзбекистонда 17 минг 500 дан ортиқ янги фермер хўжалиги ва 250 мингдан зиёд иш ўрни ташкил этилди

Ўзбекистон 25 Март 2016 1502

Президентимиз Ислом Каримов мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва таркибий ўзгаришларни янада чуқурлаштириш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш 2016 йил ва яқин истиқболга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг принципиал муҳим йўналиши эканини таъкидлади. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.

Фермер хўжаликларининг экин майдонлари унумдорлиги ва ер бонитети, контрактация шартномаларини бажариши, иш ўринлари яратиши каби жиҳатлар чуқур таҳлил этилиб, бунинг натижасида 17 минг 500 дан ортиқ янги фермер хўжалиги ва 250 мингдан зиёд иш ўрни ташкил этилди.

– Пахта ва ғаллачилик йўналишидаги фермер хўжаликларининг ер майдонлари 50-60 гектар, мева-сабзавотчиликка ихтисослашган мулкдорларнинг ер майдонлари 5-10 гектаргача этиб белгиланди, – дейди Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг қишлоқда иқтисодий ислоҳотлар мажмуаси раҳбари ўринбосари Муҳаммаджон Қосимов. – Ер майдонлари ҳажмини аниқлашда субъектив ёндашувларга йўл қўймаслик ва бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида бу тадбирлар депутатлар корпуси, Фермерлар кенгаши ва жамоатчилик томонидан очиқлик ва ошкоралик асосида ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 15 декабрдаги “Фермер хўжаликларини юритиш учун берилган ер участкалари майдонларини мақбуллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, жорий йилнинг 1 январидан фермер хўжалигини юритиш учун ер майдонлари ажратиш ва тақсимлашнинг янги механизми жорий этилди. Эндиликда қарорни туман ҳокими эмас, балки Ўзбекистон Фермерлари кенгаши ва Ер участкалари тақдим этиш масалаларини кўриб чиқиш комиссияси хулосаси бўйича халқ депутатлари туман Кенгашлари қабул қилмоқда. Ўзбекистон Адлия вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги фермер хўжаликларининг қонуний манфаатларини таъминламоқда, тугатиш ва ташкил этиш ишлари тегишли тартибда амалга оширилмоқда.

Саховатли заминимизда етиштирилган мазали ва экологик тоза ноз-неъматлар бутун дунёда қадрланади. 2016-2020 йилларга мўлжалланган иқтисодий дастурда бу борада узоқ истиқболга мўлжалланган қатор муҳим вазифалар белгилаб берилди. 2020 йилгача пахта хомашёсини етиштириш ва уни давлат томонидан харид қилиш ҳажми 3 миллион 350 минг тоннадан 3 миллион тоннага босқичма-босқич қисқартирилади. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 3 миллион тонна пахта тўқимачилик ва енгил саноат эҳтиёжини нафақат тўла таъминлайди, балки Ўзбекистоннинг жаҳон бозорига пахта толаси ва ундан тайёрланадиган маҳсулотлар етказиб берадиган мамлакат сифатидаги мустаҳкам мавқеини сақлаб қолиш имконини ҳам беради.

Пахтадан бўшаган 170 минг 500 гектар суғориладиган экин майдонларида сабзавот, картошка, озуқа экинлари, мой олинадиган ва бошқа ўсимликлар экилади, боғ ва узумзорлар барпо этилади. Экин майдонларининг оптималлаштирилиши ва замонавий агротехнологияларнинг жорий этилиши натижасида 2020 йилда бошоқли дон етиштириш ҳажмини 8 миллион 500 минг тоннага, картошка етиштиришни 35 фоизга, сабзавотни 30 фоизга, мева ва узумни 21,5 фоизга, гўшт етиштиришни 26,2 фоизга, сутни 47,3 фоизга, тухумни 74,5 фоизга кўпайтириш, балиқ етиштиришни 2,5 мартага ошириш кўзда тутилмоқда.

Ҳозир фермер хўжаликлари барқарор ривожланишига салбий таъсир кўрсатаётган омилларни бартараф этиш, мавжуд меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, ишлаб чиқаришни диверсификациялаш йўли билан мулкдорлар даромадини янада оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлар давом этмоқда. Бундай изчил ислоҳотлар халқимиз фаровонлигини ошириш билан бирга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажмини кенгайтиришда ҳам муҳим омил бўлади.

Кун янгиликлари
Ҳурматли абитуриентлар, сизнинг ҳали Олий ўқув юртига ўқишга кириш имкониятингиз бор!
09:55 17207 Lifestyle
Фарғона вилояти ҳокими Сўх тумани, уй-жой муаммоси, табиий газ ва аҳолининг бошқа муаммолари ҳақида (видео)
20:30 / 21.08.2017 22368 Жамият
Artel Technical School «Келажак мактаби» ўқув нархларини пасайтирмоқда!
20:02 / 21.08.2017 11360 Жамият
KUN.UZ хайрия акцияси: Жаҳонгирнинг бир оёғида операция ўтказилди, йигит барчадан миннатдор
19:03 / 21.08.2017 12229 Жамият
Ўзбекистон қачонгача ривожланаётган давлатлар қаторида қолади?
16:20 / 21.08.2017 40582 Ўзбекистон
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 52947 Жамият
Кун.uz офис изламоқда
15:48 / 06.08.2017 47756 Lifestyle
Зафар Ҳошимов лотин алифбоси, ўзбек тилининг мавқеини ошириш ва чет тилларга ҳурмат сақлаш ҳақида
Япония ТИВ раҳбари: КХДР ядро дастуридан воз кечмагунга қадар унга босим ўтказиш керак
15:40 577 Жаҳон
Қатар зиёратчиларнинг Саудияга парвозларини блокламоқда
15:35 1096 Жаҳон
Кўпроқ янгиликлар