АҚШда нефть қазиб олувчи бурғулар сони 2009 йил ноябридан буён энг паст кўрсаткичга тушиб кетди

Иқтисодиёт 25 Март 2016 783

Жорий ҳафтада Америка қўшма штатларидаги нефть бурғулари сони 2009 йилнинг ноябрь ойидан бери энг паст кўрсаткични қайд этди.

Бунга АҚШ нефть захираларининг кўпайиши ва қора олтин савдоларининг пасайиши сабаб бўлмоқда. Мамлакатдаги нефть бурғулари сони 15тага камайиб, ҳозирда 372тани ташкил этмоқда. Бу ҳақда Financial Times нашри Baker Hughes маълумотларига таянган ҳолда маълум қилган.

Газетанинг қайд этишича, бу рақам 2009 йил ноябридан бошлаб энг паст кўрсаткич ҳисобланади.

АҚШда энг кўп бурғулар қайд этилган 2014 йил октябрь ойи билан таққослаганда, бугунги кунда нефть қазиб олувчи ускуналар қарийб 70 фоизга камайган. Ўшанда, мамлакатда 1609та бурғу мавжуд эди.

"Шу билан бирга, газ қазиш бурғулари ҳам ўтган ҳафтада 3тага камайиб, 92тани ташкил этди. Газ қазиб олишнинг қисқаришига ҳам қора олтин котировкаларининг тушиши ва АҚШ табиий газ захираларининг ортиши сабаб бўлмоқда", деб ёзади The Wall Street Journal.

Шунга қарамасдан, нашрнинг таъкидлашича, бу каби чоралар бозордаги ортиқча таклифни камайтириш учун кифоя қилмайди.

Бироқ, бурғулар сонининг қисқаргани хусусидаги хабарлардан кейин, Brent маркали нефть нархи кун давомидаги пасайишдан сўнг, бирмунча ўсишни қайд этган. Лондон биржасидаги савдолар бошида унинг 1 баррели 39,26 доллар турган бўлса, кун охирига келиб 40,45 долларни ташкил этган.

Кўпроқ янгиликлар