Нью-Жерси Технологик университети олимлари қуруқликда ўзининг сузгичларидан фойдаланган ҳолда юра оладиган балиқ турини аниқлашди. Ушбу тадқиқотнинг натижалари Scientific Reports журналида чоп этилди.

Брук Флемминг бошчилигидаги америкалик олимлар гуруҳи Таиланднинг шимолида яшовчи ғор балиқларидан бири – "ғор фариштаси" деб ном олган, Cryptotora thamicola балиқ тури қуруқликда юра олишини аниқлашди. Олимларнинг айтишича, балиқ ўзининг кўкраги ва қорнидаги сузгичларидан ҳам сувда, ҳам қуруқликда қоялардан юқорига чиқишда фойдаланади. Унинг юриши саламандранинг юришини эслатиб юборади.

Олимларнинг қайд қилишича, "сузгич-оёққа" эга балиқлар аввал ҳам аниқланган, бироқ янги балиқ туридан фарқли, улар фақатгина сув тубида юра олган, сув эса уларнинг танасини ушлаб турган. Cryptotora thamicola балиғи ҳам ойқулоқлари, ҳам ўпка билан нафас олувчи икки муҳитда нафас олувчи балиқлар турига мансуб бўлиб, унинг сузиш пуфаги атмосфера ҳавосидан нафас олишга мослашган ва ўпка вазифасини ҳам бажаради.

Бу тадқиқот қуруқликдаги илк ҳайвонларнинг уларга ер бўйлаб ҳаракатланишга имкон берган оёқ-қўллари қандай қилиб ўзгарганини келажакда тушунишга ёрдам беради.