Брюссель шаҳрининг Скарбек коммунасида олиб борилган махсус амалиёт давомида учинчи портлаш содир этилди. Бу ҳақда RTBF телеканалида хабар тарқатилган.

Телеканал хабарида аниқлик киритилишича, портлаш Рожье кўчасида сапёрлар ишга киришган вақтда юз берган.

Бундан олдинроқ, ҳудудда махсус ҳарбий хизматчилар амалиёт бошлаган вақтда 1 дақиқа оралиғи билан 2та портлаш юз берган, отишма вақтида бир жангари йўқ қилингани ҳақида хабар берилганди.

Кейинроқ, ҳарбийлар яна бир жангарини оёғидан жароҳатлашган ва қўлга олишган.

Эслатиб ўтамиз, 22 март куни маҳаллий вақт билан соат 8:10да Брюссель аэропортида иккита портлаш содир этилди. Кўп ўтмасдан, Брюсселдаги метро бекатларида ҳам 3та теракт амалга оширилди. Сўнгги маълумотларга кўра, портлашлар оқибатида 31 киши ҳалок бўлган, 300га яқин киши жароҳатланган.

Теракт учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олган.