Брюссел полицияси томонидан ҳибсга олинган кишининг 22-март кунги терактларга алоқаси бўлиши мумкин. Бу ҳақда De Standaard хабар қилмоқда. Эркак киши Брюсселнинг Форест туманидаги уйлардан бирида ўтказилган тинтувдан сўнг қўлга олинган.

De Morgen нашрининг маълумотларига кўра, шаҳар прокуратураси мазкур хабарни тасдиқлаган. Маъмурият кун давомида қўшимча ахборотларни тақдим этиши кутилмоқда. 24-март куни Белгия полицияси томонидан ўтказилган бир неча аксилтеррор амалиётлар натижасида 6 киши қўлга олинган эди.

22-март куни Брюссел аэропорти ва метросида содир этилган портлашлар оқибатида 31 киши қурбон бўлиб, 300 нафар одам жароҳатлангани хабар қилинган эди. Терактларни 3 нафар худкуш амалга оширган.