Россия президенти маъмурияти раҳбари Сергей Ивановнинг сўзларига кўра, украиналик учувчи Надежда Савченко билан боғлиқ маҳкама жараёнининг Минск келишувларига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги хабар қилган.

«Бу воқеанинг Минск келишувларига заррачалик алоқаси йўқ, чунки Россия можарода иштирок этаётган томонлардан бири эмас», — деб баёнот берган Иванов.

Бундан ташқари, Савченкони Украинада қўлга олинган Россия фуқароларига алмаштириш назарий жиҳатдан мумкинлиги, бироқ бу борада якуний қарорни фақат Россия президенти қабул қила олиши айтилган.

«Алмаштириш ҳақида гапирадиган бўлсак — у назарий жиҳатдангина мумкин. Албатта, Россия қонунчилигига тўлиқ амал қилинган ҳолатда. Ва бу борада сўнгги қарор Россия федерацияси раҳбари томонидан қабул қилинади», — дея Иванов сўзларидан иқтибос келтиради ТАСС агентлиги.

Бундан аввалроқ, АҚШда судланган рус учувчиси Константин Ярошенконинг онаси ўғлини украин ҳарбий хизматчиси Надежда Савченкога алмаштириш фикрини илгари сурганди.