Россия президенти Владимир Путин ва АҚШ Давлат котиби ўзларининг расмий учрашувларини Керри Москвага ўзи билан бирга олиб келган қизил жамодон борасидаги ҳазил билан бошлашди.

Путин АҚШлик меҳмон устидан ҳазил-мутойиба қилиш имкониятини қўлдан чиқармади. Путин Керри Москвага келгач, ҳеч ким унга жамодонини кўтаришга ёрдам бермаганидан ранжиганини айтди. Путин "жамодонда қандайдир қимматбаҳо нарса бўлганки, Керри уни ҳеч кимга ишонмаган", деган кинояли тахмин билдирган.

"Мен сизнинг самолётдан ўз нарсаларингиз билан тушиб келаётганингизни кўриб, бироз ранжидим. Бир томондан, бу жуда демократик. Бошқа томондан эса давлат котибининг жамодонини олиб юришга одам йўқми? Мен сиз жамодонда ҳеч кимга ишониб бўлмайдиган қандайдир бир қимматбаҳо нарса олиб келдингиз деган фикрга бордим. Ёки унда биз билан яхшироқ савдолашиш учун пуллар олиб келдингизми?", деб айтди Путин ҳазиллашиб ва Керрининг Москвага ташрифидан хурсандлигини таъкидлаб ўтди.

Керри бунга жавобан жамодон ичида нима борлигини Путин билан якка ҳолда учрашганда кўрсатишини айтди.

"Биз сиз билан алоҳида, юзма-юз гаплаша олганимизда, мен сизга унда нима борлигини кўрсатаман. Сиз бундан таажжубланасиз. Бу сизга сюрприз, ёқимли сюрприз бўлади", деб айтди Керри. 

Кейинроқ Керри "Бу Путин билан мен ўртамдаги сир бўлиб қолади", деб айтган.