КХДР етакчиси Ким Чен Ин республиканинг фронтолди чегараларида бўлиб ўтган кенг миқёсли узоқ масофали артиллерия машғулотларида иштирок этди. Бу ҳақда Ёнҳап ахборот агентлиги хабар тарқатган.

Корея марказий телеграф ахборот агентлигининг жума куни тарқатган хабарига кўра, машғулотлар бошланишидан аввал, Халқ қуролли кучлари вазири Пак Ен Сик ҳарбийларга мурожаат қилар экан, "Корея халқ армиясининг ҳарбий қудратини ва уларнинг олий бош қўмондонни ишончли ҳимоя қилишга тайёрликларини" намойиш этишга чақирган.

Мамлакат қуролли кучлари бош қўмондони ҳисобланган давлат раҳбари эса, КХА (Корея халқ армияси) ҳарбий бўлинмаларининг 100дан ортиқ турли калибрдаги артиллерия қуроллари қатнашган машғулотлар натижасидан кўнгли тўлган. У артиллериячиларни мақтаб, "машғулотларни тез-тез ўтказиб туришга ва керакли буйруқ берилган тақдирда Сеул иншоотларига қақшатгич зарбалар беришга, шунингдек жанубликлар президенти қароргоҳини ўққа тутиш учун тайёр туришга кўрсатма берган.

Бундан аввал, КХДР 2010 йилдан бери минтақада ўтказилган Америка-Жанубий Корея ҳарбий машғулотларига жавобан баллистик ракеталарини учирган эди. Республика раҳбари, стратегик қўшинлар бўлинмаларига “Жанубий Кореянинг муҳим иншоотлари ва АҚШнинг Осиё-Тинч океани ҳавзасидаги ҳарбий базаларини нишонга олиш” ва "доимий ҳарбий тайёрликда туриш"га фармон берганди. Ким Чен Ин мабодо ҳарбий фитна юз берадиган бўлса, "барча ҳужум қуроллари, хусусан ядро каллакларидан фойдаланган ҳолда Корея республикасига зарба бериш"га кўрсатма беришини таъкидлаган эди.