Сингапур ҳукумати яқин вақт ичида Европада уюштирилган террористик хуружлар туфайли мамлакатда фаолият юритувчи қаҳвахона, чойхона ва бошқа шу каби кичик тамаддихоналарни кузатув камералари билан жиҳозлаш борасида кўрсатма беришни режалаштирган. Ҳукуматнинг бу ташаббуси ҳақида Straits Times нашри хабар қилди.

Бундан ташқари, қаҳвахоналар ўз ходимларини полиция ва ўт ўчириш хизматига махсус ўқув курсларига юборишлари лозим бўлади. Улар фавқулодда ҳолатларда қандай ҳаракат қилиш борасида илк кўникмаларни ўрганишади.

Ресторан ва барлар уюшмаси раҳбари Томас Фонинг маълум қилишича, айни пайтгача уюшмага аъзо 700дан ортиқ тамаддихоналардан 400га яқини кузатув камераларини аллақачон ўрнатишган. Унинг сўзларига кўра, бундай техникаларни ўрнатиш ўртача 3 минг долларга тушади, бироқ ҳукумат харажатларнинг 60 фоизини қоплашга тайёр.

Бу шаҳар-давлатдаги кичик қаҳвахона каби тамаддихоналар хизматидан маҳаллий аҳоли кенг фойдаланади. Эрталаб ва тушлик пайтида шундай иншоотларга ўнлаб мижозлар тўпланади.

Бундан ташқари, Брюсселдаги терактлардан сўнг, Сингапур маъмурияти Чанги аэропорти ҳамда қуруқликдаги чегаралари ва денгиз портларида хавфсизлик чораларини кучайтирди.

"Мамлакатнинг барча йирик транспорт нуқталарида қўшимча хафвсизлик чоралари кўрилди", - дейди ИИВ вакили.

Хусусан, ҳарбийлар ва полиция ходимларининг қўшма гуруҳлари кўпайтирилган. Айрим йўловчиларнинг юклари эса жиддий текширувдан ўтказилмоқда.

Бундан аввалроқ, ички ишлар ва адлия вазири К. Шанмугам Сингапур "экстремистларнинг нишонига айлангани"ни таъкидлаганди. Унинг сўзларига кўра, жануби-шарқий Осиёда "турли хил таҳдидлар кузатилмоқда. Булар орасида, у ёки бу ҳукуматдан норозилик кайфияти баробарида диний экстремизм ҳам бор. Шунга қарамай, "Сингапур барқарорлик ва фаровонлик манбаи" бўлиб қолмоқда.

Унинг айтишича, "ИШИД экстремистик гуруҳининг фаоллашгани минтақада терроризм хавфи ўта жиддий таҳдидга айланган".

"Ўтган йили биз "Ал-Қоида" билан таққослаганда умуман янги, жиддий ва хавфли террористик хуружларнинг гувоҳи бўлдик. Масалан, ИШИД сафларига 30 минг атрофида хорижлик жангари жалб этилган бўлса, шулардан 1000 нафарга яқини жануби-шарқий Осиёдан борганлардир”, деб таъкидлайди Сингапур ички ишлар вазири.