Ер сайёрасида эркин кислород 3,8 млрд йил, яъни аввал баъзи олимлар тахмин қилгандан 800 млн йил аввал мавжуд бўлган. Бундай фикрга Копенгаген университети профессори Роберт Фрай бошчилигидаги бир гуруҳ олимлар келдилар, деб хабар бермоқда sciencenordic.com портали.

Фрай сайёрамиздаги энг қадимий тоғ жинслари – Гренландия ғарбидаги йўл-йўлсимон темир руда тошларини таҳлил қилиб шундай хулосага келди. Бу тошларнинг ёши 3,7-3,8 млрд йилни ташкил қилади. Олимнинг айтишича, уларда учрайдиган уран, айниқса хром изотоплари тури бу металлар ўша пайтдаёқ оксидланишга учраганидан дарак беради, бу ҳолатни атмосферада кислород бўлгани билан тушунтириш мумкин. Эҳтимол у жуда кам миқдорда бўлган бўлиши мумкин.

"Очиғини айтганда мен олинган натижаларни биринчи бор кўздан кечираётганимда улардан карахт ҳолга тушдим. Фан ҳамжамиятининг катта қисми ўша замонларда эркин кислород бўлиши мумкинлигига ишонмайди. Мен кўплаб танқидий фикрларни эшитдим, мақоламни чоп этиш учун эса бир йил вақт кетди. Бироқ мен бир қатор намуналарни ўрганиб, батафсил ҳисоб-китобларни амалга оширдим ва натижаларнинг аниқлигига ишончим комил", деб айтди Фрай.

Айни вақтда олим Гренландиядаги Исуа тузилмаларидаги чўкинди жинслар таркибидаги олтингурурт ва фосфор изотопларини ўрганмоқда. Унинг айтишича, бу иш натижалари 3,8 млрд йил аввал, Ер пайдо бўлганидан 750 млн йил ўтиб, архей даври бошида кислороднинг максимал концентрацияси қандай бўлгани ҳақидаги фаразни тузишга имкон беради. Олимларнинг хулосалари фаннинг сайёрамизнинг илк даврларида эволюцион жараёнлар қандай кечгани борасидаги тасаввурларига жиддий таъсир қилиши мумкин.

Айни ўша даврларда, Ер метеоритлар томонидан бомбардимон қилиниши якунланаётганда ер пўстлоғи шаклланган, сайёрамизда ҳаёт пайдо бўлган. Фрайнинг айтишича, илк бактериялар эволюциянинг асосий двигателларидан бўлган кислородга эҳтиёж сезган-сезмаганини ҳанузгача фанга номаълум. Кислороднинг 3,8 млрд йил аввал мавжуд бўлганини кислород ишлаб чиқарувчи фотосинтезловчи бактериялар фаолияти билан тушунтириш мумкин. Фрай ўша пайтдаёқ кислородга эҳтиёж сезувчи аэроб организмлар пайдо бўлган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

"Биз олган натижалар эволюция аввал тахмин қилингандек кечмагани ҳақида тасаввур қилишга имкон беради. Ҳамма ҳаёт қандай қилиб пайдо бўлгани, инсоният илдизи қандай эканлигини билишни истайди", деб таъкидлаб ўтди Фрай.

Фрайнинг тахмини унинг ҳамкасбларида бир қанча саволлар туғдирмоқда. Улардан асосийси шу бўлмоқдаки, агар фотосинтез қилувчи жонзотлар илк архейда мавжуд бўлган бўлса, унда атмосферанинг кислород билан тўйиниши учун нима учун бунчалик узоқ вақт талаб қилинган?