Ўзбекистон халқ артисти Ортиқ Отажонов 1984 йилда телевидениеда ташкил қилинган концерт дастурида Фурқатнинг “Ёр келасалар” ғазали билан ашула ижро этгани, аммо ғазалнинг байтида “Наврўз” сўзи қўллангани боис ўша ери кесиб ташланганини сўзлаб берди. Бу ҳақда “Даракчи” нашри ёзмоқда.

“Шу қўшиқнинг:
“Келса гар Наврўзи олам
То чиқиб ҳижрон қуши
Йўлларига жон нисор
айлай Нигорим келсалар...

деган банди бўлиб, айнан шу жойи қўшиқнинг энг авж нуқтаси эди”, — деб ҳикоя қилади Ортиқ Отажонов. — “Тадбир тугагач, ёзув лентасини телевидениеда қолдириб кетганман. Экранга берилган вақтида эса биргина Наврўз деган сўз учун шу мисралар кесиб ташланган эди. Ўша даврларда Наврўз — кун билан туннинг тенг бўлгани, дея изоҳланарди”.

“Мустақиллика эришганимиздан сўнг Наврўз ҳақиқий халқ байрамига айланди. Мен ҳам байрамга атаб “Наврўз келди дўстлар” деган шукроналик қўшиғини куйладим”, — дея қўшимча қилди устоз санъаткор.