Жорий йилнинг 1 апрелидан Ўзбекистон корхоналарининг чет эл сармоядорларига сотиладиган акциялари баҳоси 10 фоизга арзонлаштирилади.

Халқаро инвестиция форумида эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича комиссия ҳамда акционерлик жамиятлари фаолиятини кучайтириш ва корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш комиссиясининг 2016 йил 15 февралда бўлиб ўтган илк йиғилишида шундай қарор қабул қилинган. Бу ҳақда review.uz хабар қилмоқда.
Комиссиялар мажлиси хўжалик бошқаруви органлари ва акционерлик жамиятларининг 2016 йил 1 апрелидан савдога қўйилган акцияонерлик жамиятлари акциялари нархини 10 фоизга пасайтириш тўғрисидаги таклифини маъқуллаган.

Халқаро инвестиция форумида эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича комиссия Ўзбекистон президенти фармонига асосан 2016 йил 10 февралида ташкил этилган эди.

Ўтган йилнинг 5, 6 ноябр кунлари Тошкентда бўлиб ўтган Халқаро инвестиция форумида 600 га яқин хорижий вакиллар иштирок этган. Унда, инвестиция лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш ва давлат ҳамда хўжалик бошқарув органларининг 12,4 млрд долларлик улушларини хорижий сармоядорларга сотиш борасида 100 дан ортиқ битим имзоланган эди.