Термизда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб “Биз – буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остида ёшлар фестивали ўтказилди. Бу ҳақда “ЎзА” хабар бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши, вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган фестивалда таниқли шоир ва ёзувчилар, санъат намояндалари, олимлар, ёшлар иштирок этди.

Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор ижроси доирасида тадбиркорлик, фермерлик ва ҳунармандлик билан шуғулланиш истагини билдирган ёшлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Ўтган йили Термиз шаҳри, Жарқўрғон ва Қумқўрғон туманларида биттадан 64 оилага мўлжалланган кўп қаватли “Камолот” уйлари барпо этилди. Бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Таълим, тиббиёт муассасалари, болалар спорти иншоотлари, мусиқа мактаблари барпо этиш ва замонавий жиҳозлаш ҳам доимий эътиборда. Жорий йилда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига молия муассасалари томонидан 15 миллиард сўм маблағ ажратиш режалаштирилган.

Фестиваль тадбирлари давом этаётган кунларда вилоятда яна бир хушхабар тарқалди: Бирлашган Араб Амирликларида спортнинг енгил атлетика тури бўйича ўтказилган халқаро турнирда Термиз олимпия захиралари коллежи ўқувчиси Маъруфжон Муродуллаев 400, 800 ва 1500 метр масофага югуриш мусобақаларида бир йўла учта олтин медалга сазовор бўлди. Сирожиддин Норов 800 метр масофага югуриш бўйича учинчи ўринни эгаллади.

Сариосиё туманида туғилиб ўсган Маъруфжон болалигидан енгил атлетика билан мунтазам шуғулланади. 2014 йили Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида бўлиб ўтган II Параосиё ўйинларида 800-1500 метр масофага югуриш бўйича иккита олтин медалга сазовор бўлиб, 2016 йили Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтадиган XV Паралимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритди.

Фестиваль ёшларни мустақиллик йилларида эришилган оламшумул ютуқлар, турмушимизда рўй берган туб ўзгариш ва янгиланишлар билан яқиндан таништириш, навқирон авлод қалбида ислоҳотларга дахлдорлик, бугунги ҳаётимизга шукроналик туйғуларини мустаҳкамлаш, уларни миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш каби эзгу ғояларга йўналтирилган.

Тадбир доирасида чекка туман ва қишлоқларда ўтказилган “Бу – менинг Ватаним!”, “Ҳоким ва ёшлар”, “Ўзбекистонга хизмат қиламан”, “Биз соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз!”, “Замонамиз қаҳрамонлари” мавзуларидаги учрашувлар, давра суҳбатлари ёшларда катта таассурот қолдирди. “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!”, “Нуронийлар эъзозимизда” лойиҳалари халқимизнинг бағрикенглик, саховатпешалик каби олижаноб фазилатларини кенг намойиш этди. Ушбу тадбирларда уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, ёлғиз қариялар ва ногиронлар ҳолидан хабар олиниб, уларга алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди. Махсус мактаб-интернатлари тарбияланувчилари учун қизиқарли тадбирлар уюштирилди. “Юртимни обод этаман” акцияси доирасида янги боғ-роғлар, гулзорлар барпо этилди. Ёш ижодкорлар мушоиралари, таниқли спорт усталари иштирокидаги мастер-класслар, янги фильмлар премьералари ва виртуал акциялар, гала-концертлар фестивалга янада кўтаринкилик бағишлади.

“Ёшлар билан ишлашда энг фаол туман (шаҳар) ҳокими”, “Тадбирларни сифатли ташкил этган “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати туман (шаҳар) кенгаши” номинациялари бўйича ғолиблар тақдирланди.

Фестиваль Термиз шаҳридаги “Сурхон” спорт мажмуасида таниқли санъаткорлар ва ёш ижрочилар иштирокидаги гала-концерт билан якунланди.

Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Т.Мамараимов сўзга чиқди.