Россия қуролли кучларининг ҳарбийси Сурияда террорчиларга тегишли объектларни аниқлаб, Россия авиацияси зарбаларини уларга йўналтириш бўйича вазифани бажараётганда ҳалок бўлди.

"Тадмор (Пальмира, Хомс вилояти) аҳоли пункти ҳудудида Россия самолётларининг ИШИД жангарилари объектларига зарбаларини йўналтириш бўйича махсус вазифани бажараётганда Россия қуролли кучларининг махсус операциялар зобити ҳалок бўлди", деб айтди "Интерфакс" ахборот агентлигига Хмеймимдаги Россия базасининг вакили.  

Махсус жангчи Пальмира ҳудудида бир ҳафта давомида жанговар вазифани бажариб келган. Зобит террорчиларга тегишли муҳим объектларни аниқлаб, уларнинг координаталарини зарба бериш учун Россия авиациясига берган.

"Террорчилар томонидан аниқланиб, ўраб олинган ҳарбий хизматчимиз қаҳрамонларча ҳалок бўлди", деб қўшимча қилди вакил.

Зобит Россиянинг Суриядаги операцияси давомида ҳалок бўлган россиялик 6-ҳарбий бўлди. Унинг исми ҳозирча маълум қилинмади.

2015 йил октябрда Сурияда хизмат ўтаётган Вадим Костенко ўз жонига қасд қилганди, 24 ноябрда турк авиацияси томонидан уриб туширилган Су-24 самолёти учувчиси Олег Пешков, уни қутқариш бўйича операцияда иштирок этган денгиз пиёда аскари Александр Позинич ҳалок бўлган. 17 мартда Россия президенти Сурияда ҳалок бўлган яна икки ҳарбий: Иан Черемисин ва Фёдор Журавлёвларнинг номларини маълум қилган.