Таҳлилчиларнинг айтишича, ҳар йили жахонда 14 мингга яқин аёл эри ёки яқин қариндоши томонидан ўлдирилмоқда. Зўравонликлар билан боғлиқ жиноятларининг 40 фоизига яқини оилаларда содир этилиши аниқланган. Шу сабабли оиладаги зўравонликлар замонанинг жиддий муаммоларидан бири экани тан олинади. Бу каби кўриниш маиший зўравонлик, оиладаги зўравонлик, гендер зўравонлиги деб хам аталади.
Оилавий зўравонлик дунёдаги энг кўп тарқалган жиноят саналади. Оилавий зўравонликларнинг 96 фоизида аёллар ва болалар жабр кўради. Зўравонликлар катталар томонидан амалга оширилади, аммо жафосини болалар чекади. Кузатувчиларнинг фикрича, оиладаги зўравонликлар иқтисодий тараққиёти қандай бўлишидан қатъи назар, жаҳондаги барча мамлакатларда учрайди. Зўравонлик аҳолининг барча табақалари ўртасида қайд қилиниши тан олинади. Оилавий зўравонликлар билан боғлиқ муаммоларга ўтган асрнинг 60-йилларидан бошлаб эътибор қаратиб келинади. Ўшанда Европа ва Америкада хотин-қизларни зўравонликлардан ҳимоя қилиш мақсадида турли жамоат ташкилотлари ташкил этила бошланди. Шу ўринда Лондонда 1971 йилда “Калтакланган аёллар ҳаракати” тузилганини эслатиб ўтиш мумкин. Улар учун махсус ихтисослаштирилган марказлар пайдо бўлди. Сўнгги йилларда эса бир қатор мамлакатларда оилавий зўравонликлар учун масъулиятни белгиловчи қонунлар қабул қилинди. 2004 йилда Буюк Британия, ва Швейцарияда, 2008 йилда эса Словенияда оилавий зўравонликларга қарши курашга бағишланган қонун қабул қилинди. Бугунги кунда 60та мамлакатда оилавий зўравонликларга бағишланган қонун қабул қилинган. Бу борада Франция ва Болгариянинг тажрибасига кўпчилик қизиқиш билдиради.

1995 йилда Хитой пойтахти Пекинда Хотин-қизлар муаммоларига бағишланган IV Жаҳон конференцияси бўлиб ўтди. Анжуманда қабул қилинган Пекин платформасида давлат идоралари аёллар аҳволи юзасидан мунтазам мониторинг олиб бориши, оилавий зўравонликларга қарши курашаётган ташкилотлар ва давлат тузилмалари ўзаро ҳамкорлик қилиши таъкидланади.

Дунёда зўравонликлар туфайли ҳалок бўлган аёлларнинг 33-50 фоизи эрларининг калтаклари туфайли вафот этади. Бу ўз навбатида, нозик жинс вакилларини маиший жиноятлардан ҳимоя қилиш давр талаби эканини кўрсатиб турибди. Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, аёлларни зўравонликлардан ҳимоя қилиш йўлида ҳали кўп иш қилиниши керак бўлади. Лондондаги гигиена ва тропик тиббиёт мактаби ходими Хайди Стекль ва унинг ҳамкасблари сўнгги 20 йилда жаҳонинг турли мамлакатларида оиладаги зўравонликларни ўрганиб, таҳлил қилишди. Улар 169 мамлакатдаги хотин-қизларнинг ўлими билан боғлиқ 500 мингта ишни ўрганиб чиқишди. Маълум бўлишича, ер юзидаги ҳар еттитадан битта қотиллик оилада юз беради. Шундан 38 фоизидан кўпроғи эркаклар айби билан содир этилади. Аёллар атиги 6 фоиз ҳолларда ўз турмуш ўртоқларини ўлдиргани айтилади. Энг қизиғи оилавий зўравонликлар энг кўпи Ғарб ва Жанубий-Шарқий Осиёдаги иқтисоди тараққий этган мамлакатларда қайд қилинади. Аёлларга нисбатан оилавий зўравонликлар энг кўп миқдорда Африка қитъасида ҳам кузатилади. Бу қитъа мамлакатларида истиқомат қилаётган аёлларнинг 45,6 фоизи зўравонликлардан азият чекади. Европа мамлакатларида бу кўрсаткич ўртача 27,2 фоизни ташкил қилади. Бу иқтисодий жиҳатдан тараққий этган мамлакатларда аёллар хавфсиз ҳаёт кечиради, деган маънони англатмайди. Юқори даромадга эга мамлакатлардаги аёлларнинг ҳар уч нафаридан бири (32,7 фоизи) ўз ҳаётида бир марта бўлса ҳам зўравонликлар билан тўқнаш келади. Бироқ, олимлар бу нисбий кўрсаткич эканини, аслида оилавий зўравонликлар асосида юз берадиган қотилликлар анча кўп эканини айтишади. Чунки статистикада ўлим нима асосида юз бергани кўп ҳолларда айтилмайди.

Таҳлилчиларнинг фикрича, жаҳондаги ҳар уч аёлдан бири ўз умри давомида бир марта турмуш ўртоқлари томонидан калтакланади. Бу борадаги ҳисобот Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан тарқатилди. Ташкилот бош директори Маргарет Ченнинг таъкидлашича, хотин-қизларга нисбатан зўравонликлар соғлиқни сақлаш тизимида эпидемия тусини олган глобал муаммолардан бирига айланиб бормоқда.

Зўравонликлардан азият чеккан аёлларнинг 42 фоизи тан жароҳати олиб, тиббиёт ходимларига ёрдам сўраб мурожаат қилади. Мутахассисларнинг фикрича, зўравонликлар нозик жинс вакилларининг, айниқса ҳомиладор аёлларнинг саломатлигига, руҳиятига жиддий зиён етказади.

Шарофидин Тўлаганов