2016 йил 24-25 март кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси президенти соврини учун тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандлар ўртасида ўтказиладиган “Ташаббус-2016” кўрик-танловининг якуний, республика босқичи бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон савдо-саноат палатаси сайтида хабар берилган.

20-марта ўтказилаётган ушбу кўрик-танловнинг туман (шаҳар) босқичларида жами 7 701 нафар тадбиркорлик субъектлари иштирок этган, шундан 3 132 нафарини тадбиркор, 2 149 нафарини фермер ва 2 410 нафарини ҳунармандлар ташкил қилган.

“Ташаббус-2016” кўрик-танловининг Қорақалпоғистон республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичлари жорий йилнинг 11 мартидан 17 мартига қадар ўтказилган. Ушбу босқичда жами 544 нафар тадбиркорлик субъектлари иштирок этган бўлиб, шундан 193 нафари тадбиркор, 159 нафари фермер ва 192 нафари ҳунармандлардир.

Дастлабки босқичларнинг энг муносиб деб топилган ва омадли иштирокчилари “Ташаббус-2016” кўрик-танловнинг республика босқичига йўлланма олишди.

“Ташаббус-2016” кўрик-танловининг республика босқичига йўлланма олган жами иштирокчилар сони 41 нафарни ташкил қилиб, шундан 14 нафари тадбиркор, 14 нафари ҳунарманд ҳамда 13 нафари фермерлардир. Иштирокчиларнинг 6 нафари (14 фоиз) аёллардан иборат бўлиб, қолган 35 нафари (86 фоиз) эркаклардир.

Танловнинг республика босқичи иштирокчилари, 3та асосий йўналишларда беллашишади:

- Йилнинг энг яхши тадбиркори;

- Йилнинг энг яхши фермери;

- Йилнинг энг яхши ҳунарманди.

Шунингдек, фаол иштирокчиларга “Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори”, “Энг яхши тадбиркор аёл”, “Энг яхши инновацион лойиҳа”, “Ёшларга энг кўп иш жойи яратган тадбиркор”, “Менинг юртим – менинг ифтихорим”, “Энг яхши оилавий бизнес соҳиби”, “Озиқ-овқат саноатидаги энг яхши йил тадбиркори”, “Йилнинг энг яхши маҳсулоти”, “Энг яхши экспортчи”, “Энг масъулиятли ижтимоий шерик” каби номинацияларда махсус мукофотлар бериш кўзда тутилган.

2016 йилнинг 24 март куни соат 09:30да Тошкент шаҳрининг “Туркистон” санъат саройида танловнинг республика босқичи иштирокчилари маҳсулотлари кўргазмасининг расмий очилиши бўлиб ўтди. Кўргазма 25 март куни соат 16.00 гача давом этди.

2016 йилнинг 6 апрель куни соат 18:00да “Туркистон” санъат саройида ўзбек эстрадаси юлдузлари иштирокида “Ташаббус-2016” ғолиблари ва совриндорларини аниқлаш ва тақдирлаш маросими бўлиб ўтади.