25 – 27 март кунлари Тошкент шаҳридаги Ёшлар Ижодиёти саройида Халқаро Ёшлар саммити ўтказилади.

Ўзбекистон Инглиз тили ўқитувчилари уюшмаси (UzTEA) ва Ёш етакчиларни қўллаб-қувватлаш дастури (YLDP) ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда ҳориждаги турли олий таълим муассасалари ва маҳаллий олий ва ўрта-махсус таълим муассасалари талабалари иштирок этишади.

Жумладан, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университети, Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети, Сингапур менеджментни ривожлантириш институти, Турин Политехника университети, Тошкентдаги Инҳа университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Ўзбекистон Миллий университети ва бошқа таълим даргоҳларининг интилувчан талабалари иштирокидаги Саммит инглиз тилида олиб борилади.

Халқаро Ёшлар саммитида 400 дан ортиқ қатнашчилар 5 мавзу – “Миллий туризмнинг аҳамияти” , “Соғлом оила – соғлом жамият кафолати” , “Кийиниш ва муомала маданияти қанчалар муҳим?” , “Иқтисодий тараққиётнинг ўзбек модели” , “Атроф-муҳитни асраш – ёшлар нигоҳида” каби мавзулар юзасидан ўзаро давра суҳбатлари ва муҳокамалар ўтказишади, тренинглар давомида соҳалар бўйича машҳур мутахассислардан сабоқлар олиш имконига эга бўладилар.

Саммитнинг иккинчи иш куни 26 март санасидан қўлда ясалган буюмлар ярмаркаси ўрин олган бўлиб (10:00 – 18:00), кўргазмага кириш бепул.

Саммит 27 март санасида тантанали тақдирлаш маросими концерти билан якунланади.