“Форсаж” фильмининг бир неча сериясида суратга тушган америкалик актриса Мишель Родригес умрида биринчи марта автомобилни соатига 322 кмю тезликда бошқарди. У кучайтирилган Jaguar F-Type SVR купесида шундай натижага эришди. Бу ҳақдаги видеолавҳа автомобиль ишлаб чиқарувчининг YouTube’даги расмий каналига жойланган.

Ягуарнинг SVR русумли купеси 575 от кучига тенг 5 литр ҳажмдаги 8 цилиндрли моторга эга. Моторда механик сиқувчи ускуна ҳам ўрнатилган. Машина 8 босқичли автоматик узатмалар қутиси ёрдамида ҳаракатланиб, илк 100 км. тезликка 3,5 сонияда эришади. Унинг энг юқори тезлиги эса соатига 322 километрни ташкил этади. Родригес айни тезликка Невада штати саҳросидаги йўлда чиқа олган.