Ўтган йил охирида Американинг Hewlett-Packard корпорацияси иккита алоҳида HP Incorporated ва HP Enterprise компанияларига ажратилди. Биринчиси компьютер ва принтерларни ишлаб чиқариш билан шуғулланса, иккинчиси дастурлашни таъминлаб хизмат кўрсатади. Энди эса Тайваннинг Acer компанияси худди шундай қарор билан чиқди. Бу компания ҳам иккита бизнес-гуруҳга ажралиш ниятида. Core Business номли бир компания компьютер ишлаб чиқаришда давом этса, иккинчиси мобил йўналишни ўз ичига олади.

Core Business ноутбуклар, компьютерлар, планшетларни ишлаб чиқариш, тадқиқотлар, хизмат кўрсатиш, корпоратив бизнесни режалаштириш билан шуғулланади. Шунингдек бу йўналишга Digital Display ҳам кириб, у проекторлар ва мониторлар ишлаб чиқаради. IT-маҳсулотлар бўлимига Жерри Као, Digital Display раҳбарлигига эса Виктор Чен тайинланди.

Номи ошкор қилинмаган иккинчи компания ўз зиммасига смарт қурилмаларни олади, бунга смартфонлар, девайслар, шунингдек Build your Own Cloud (BYOC) (Ўз булутингни ярат) йўналиши ва электрон ишчи операциялари киради. Смарт қурилмалар ишлаб чиқаришга Маверик Ших раҳбар этиб тайинланди.