АҚШ божхона хизмати ва чегарани қўриқлаш хизматчилари Техас штати чегарасида унча катта бўлмаган сувости кемасини қўлга олишди. Ўтказилган текширувлардан сўнг аниқланишича, унда 5,5 тонна кокаин гиёҳванд моддаси бўлган, деб хабар бермоқда The Independent.

Катта юкни кўтаролмай Тинч океани шарқий соҳилларида чўкишни бошлаган кемани божхона ходимлари илғаб қолишган. Натижада сувости кемасидаги 4 киши ҳам ҳибсга олинди.

Ҳаво хавфсизлиги миллий маркази директори Жон Вассоннинг айтишича, 2 та бошқарманинг қўшма амалиёти туфайли мамлакат ҳудудига йирик миқдордаги гиёҳванд моддалар киришига барҳам берилган. Ва бундай ҳамкорликдаги амалиётлар доимий тус олади, деган Жон Вассон.

2015 йили АҚШ божхона хизмати ва чегарачилар томонидан 198 марта гиёҳванд моддаларнинг мамлакатга олиб кирилиши тўсиб қолинган. Бундан аввал, 30 кг кокаинни ўтказишга уринган стюардесса қўлга олингани хабар қилинган эди.