Буюк Британиянинг 250 нафар етакчи тадбиркорлари ва молиячиларидан иборат гуруҳ ёзда бўлиб ўтадиган референдумда мамлакатнинг Европа Иттифоқидан чиқишини қўллаб-қувватлашларини маълум қилдилар. Маҳаллий таҳлилчиларнинг таъкидлашича, бу қадам Европа Иттифоқига шубҳа билан қарайдиганларнинг навбатдаги ютуғи бўлди. Бундай фикрловчиларнинг сони тобора ошиб бормоқда.

Уларнинг орасида HSBC банкининг собиқ раҳбари Майкл Жогеган, гастропаблар тармоғи эгаси JD Wetherspoon Тим Мартин, шунингдек таниқли отельер сэр Рокко Форте бор. Улардан ташқари, ушбу гуруҳнинг етакчиларидан бири Британия савдо палатасининг собиқ раҳбари Жон Лонгворт ҳисобланади. У мамлакатнинг Европа Иттифоқидан чиқишини очиқчасига қўллаб-қувватлагани учун ўз лавозимини тарк этишга мажбур бўлганди.

"Бу бутун бир авлод учун энг муҳим сиёсий баҳс бўлмоқда. Бизнес бу масала борасида бўлинди, шунинг учун ҳамма тадбиркорларнинг фикрини эшитиш муҳимдир. Чунки кўплаб компаниялар ҳақиқатан ҳам Европа Иттифоқи раҳбарияти томонидан ўз ишларига мунтазам аралашишларга ҳамда тор доирадаги бизнесменларгина фойда кўрадиган шубҳали қоида ва меъёрларга кўникиб келишларига тўғри келмоқда", деб ҳисобламоқда Лонгворт.

Февралда эса мамлакатнинг бир қатор йирик компаниялари раҳбарлари, аксинча, Буюк Британиянинг Европа Иттифоқида қолишини қўллаб-қувватлаб чиқишганди. Улар орасида Rio Tinto ва Billiton тоғ-кон компаниялари, Vodafone ва BT телекоммуникация компаниялари, BAE Systems мудофаа компанияси, HSBC банки, EasyJet авиакомпанияси, Jaguar Land Rover автомобиль компанияси, Marks and Spencer чакана савдо компанияси, Хитроу ва Гатвик аэропортлари раҳбарлари бор.