Шимолий Корея давлат мудофаа қўмитаси, Пхеньяннинг 2010 йил 26 мартида Сариқ денгизда бўлган ҳодисага ҳеч қандай алоқаси йўқлигини инкор этмоқда. Ўшанда Жанубий Кореянинг "Чхонан" ҳарбий корвети денгизга ғарқ бўлиши оқибатида 46 нафар ҳарбий ҳалок бўлганди. Ш. Корея мудофаа қўмитаси текширув гуруҳи баёнотида таъкидланишича,”Ж. Корея раҳбарияти йил сайин жамоат фикрини чалғитиш ҳамда шимолдаги ватандошлар билан зиддиятни кучайтириш мақсадида Ш. Кореянинг мазкур воқеага алоқадорлиги борасидаги уйдирмаларни тарқатиб келмоқда”. Бу ҳақда, Корея марказий телеграф агентлиги хабар қилган. Қўмита баёнотида айтилишича, КХДР "жанубнинг душманона ҳаракатларига қарши зарур чораларни кўради".

Расмий Пхеньяннинг фикрича, "Чхонан" корвети билан боғлиқ ҳодиса шимоли-шарқий Осиё минтақасида тангликни кучайтириш мақсадида АҚШ ва Ж. Корея томонидан уюштирилган. Бу аслида Вашингтоннинг стратегик манфаатларига ҳам мос келади, дейилади хабарда.

Аввалроқ, БМТ ХКда Ш. Корея мудофаа қўмитасининг ҳисоботи расмий ҳужжат сифатида тарқатилган эди. Унда, Шимолий Кореянинг "корвет воқеасига ҳеч қандай алоқаси йуқ"лиги хусусида экспертлар хулосаси келтирилган. "Вашингтон ва Сеул шимолликларни нафақат воқеа жойига қўйишмади, балки корветнинг ҳалокатига доир текширувларни КХДР билан ҳамкорликда ўтказишдан бош тортди", — деб таъкидланади ҳужжатда.

2010 йил 20 майида Ж. Кореяда АҚШ, Буюк Британия, Австралия ва Швециялик мутахассислар иштирокида ташкил этилган тергов комиссияси хулосасига кўра, ҳарбий кема торпедо ҳужуми туфайли сувга чўккан. Ўшанда, торпедода Ш. Кореяга оид белгилар борлиги айтилганди.