22 март куни Брюсселда худкушлик қилган Иброҳим Бакравий 2015 йил 13 ноябрда Парижда бўлган хунрезликларга қадар терактлар ўтказиши мумкин бўлган шахс сифатида АҚШ ҳукумати назоратида турган. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар бермоқда.

Маълумотларга кўра, Бельгия пойтахтида портловчи ускунани ишга туширган унинг укаси Холид Бакравий Париждаги ҳужумлардан кейиноқ АҚШ “назарига тушган” эди. Бундан келиб чиқадики, ака-укалар АҚШ назорат рўйхатида бўлишган ва энг қизиғи бу ҳақда фақатгина 24 март куни маълум қилинган.

Мавжуд маълумотларга кўра, 2015 йилда Туркия ҳукумати Иброҳим Бакравийни мамлакатдан икки марта чиқариб юборган. Террорчи 2015 йилнинг 14 июль куни Сурия ҳудудида ҳарбий тайёргарликдан ўтган шахс сифатида Туркиядан чиқариб юборилган эди. Аммо у мамлакат ҳудудида ҳеч қандай жиноят содир этмаганди. Шу боис яна Туркияга қайтади. Бу сафар август ойида чиқариб юборилади. Номаълум сабабларга кўра, уни Нидерландияга эмас, Бельгияга жўнатишади.