Ростов-Донда 19 мартда фалокатга учраган Flydubai авиакомпаниясининг Boeing 737-800 самолёти бевосита фалокатга учрашидан аввал самолёт учувчиларининг охирги айтган сўзлари маълум бўлди. Самолётнинг автопилоти ўчирилгандан кейин у кескин пастлашни бошлаган. Учувчилардан бири иккинчисига "Хавотир қилма, торт!" деб айтган. Сўнгра аудиоёзувдаги охирги 6 сонияда қўрқувдан жуда қаттиқ ҳайқириқ овози эшитилган. Бу "Россия 1" телеканали ихтиёрида пайдо бўлган аидуоёзув расшифровкасидан маълум бўлди.

Бу ёзув асосида журналистлар самолёт бортида фалокат олдидан юз берган ҳолатни тасвирлашга ҳаракат қилиб кўришди.

"FlyDubai оғир об-ҳаво шароитларида Ростовда биринчи уринишда қўнишни амалга ошира олмагач, самолёт сардори 37 ёшли Аристос Сократус иккинчи даврага кетишга қарор қилади. Бу пайт автопилот ишлаётган бўлган. Соат Гринвич бўйича соат 1 дан 40 дақиқа 60 сония бўлган.

"50 га чиқамиз", деб айтади сардор: бу 1500 метр баландликка кўтарилишни англатади. Самолёт 15 градус бурчак остида кўтарилади, бу оддий ишчи ҳолат. Сўнгра самолёт юқорига кўтарилиб, кузатув камералари нигоҳи чегарасидан ташқарига чиқиб кетади. Баландликка кўтарилиш автоматик режимда 40 сония давом этади. Сардор керакли баландликка етмасдан автопилотни ўчиради. Бунинг сабаби ҳозирча номаълум. Эҳтимол сардор буни учувчилар тилида айтиладигандек, самолёт "атмосфера қайчиларига", яъни турбулентлик ҳолатига тушиб қолгани ва самолёт қаттиқ силкингани сабабли қилган бўлиши мумкин. Шу сониядан бошлаб, яъни автопилот ўчирилгандан кейин Боинг пастга шўнғишни бошлайди", деб хабар бермоқда телеканал.  

Мутахассисларнинг фикри қуйидагича: учувчилар автопилотни ўчиргач, самолётни горизонтал ҳолатга келтирмоқчи бўлишган, бироқ шу пайт стабилизатор шўнғиш ҳолатида ёқилган бўлган. Бу режимда баландлик рули ҳеч қандай самара бермайди ва самолёт штурвали ҳеч қандай ҳаракатга жавоб бермай қўяди. Кўринишича, учувчилар самолётнинг пастлашига стабилизатор сабаб бўлганини англашмаган.

Стабилизатор қандай қилиб ёқилиб қолгани ҳам номаълум. Таъкидланишича, у учувчилар "кнюпель" деб атайдиган тугмани босиш билан ҳаракатга келтирилади. Эҳтимол, учувчилардан бири турбулентлик ҳолатида автопилотдан қўл бошқаруви режимига ўтаётганда унга бехосдан тегиб кетиб, буни сезмай қолган бўлиши мумкин.

"Кабинада охирги 6 сонияда жуда қаттиқ чинқириқ овози эшитилган", деб таъкидлаб ўтди телеканал.

Шундан кейин самолёт катта тезликда Гринвич бўйича соат 1 дан 41 дақиқа ўтганда ерга келиб урилган.

Шу билан бирга телеканалнинг таъкидлашича, фалокат сабаблари бўйича расмий хулосалар тергов натижаларига кўра чиқарилади.