Россиялик аралаш яккакураш жангчиси Федор Емельяненко кейинги жангини Россияда ўтказади. Бу ҳақда спортчи Epic MMA порталига маълум қилди.

"Кейинги жангим Россияда бўлади. Мен ҳозирча ҳамма нарсани ошкор қила олмайман, бироқ, ҳа мен россиялик мухлислар учун жанг қиламан, шунингдек мен билан бирга менинг жамоам ҳам иштирок этади. Булар Япониядаги янги йил шоусида иштирок этган Вадим Немков, Валентин Молдавский, Кирилл Сидельников ва Анатолий Токов", деб айтди Емельяненко.

Емельяненко, шунингдек, унга кейинги рақиби ким эканлиги маълум эканлигини айтди. "Мен ўзимнинг кейинги рақибимга мослаб тайёрланаяпман, мен унинг ким бўлишини биламан. Бироқ ҳозирча буни айтолмайман", деб қўшимча қилди машҳур спортчи.

Емельяненко ўтган йил ёзида фаолиятини қайта бошлашини эълон қилганди ва 31 декабрда Японияда ўтказган жангида ҳинд жангчиси Жейдип Сингхни муддатдан аввал ютганди. Шу жангдан кейин россиялик яккакурашчи ҳисобида 39 та жангда 35 та ғалаба ва 4 та мағлубият бўлди.
Емельяненко Япониянинг Pride ташкилоти версияси бўйича аралаш яккакурашларнинг оғир вазн тоифасида 4 карра жаҳон чемпиони ҳамда жанговар самбо бўйича ҳам 4 карра жаҳон чемпиони ҳисобланади.