Юсуф Розиқов: “Ўзбек киносини Канн кинофестивалига бемалол олиб чиқса бўлади”

Маданият 26 Март 2016 791

Таниқли ўзбек кинорежиссёри Юсуф Розиқов Россиянинг "Sputnik" нашрига интервью бериб, унда ўзбек киносининг бир қатор камчиликлари ва замонавий томошабининг дидсизлиги муаммосига тўхталиб ўтди.

Кинорежиссёр Юсуф Розиқов — кўплаб халқаро фестиваллар лауреати, "Ўзбекфильм" киностудиясининг собиқ раҳбари бўлиб ишлаган. Миллий киносаноатнинг жаҳон кинотадбирларга чиқишини айнан унинг номи билан боғлашади. Шунингдек, Юсуф Розиқов "Гастарбайтер" ва "Москвабоддан қочиш" каби долзарб фильмлар муаллифидир. "Sputnik" мухбири режиссёр билан ижод йўли ва ўзбек киносаноатининг келажаги ҳақида суҳбатлашди.

Суҳбат чоғида режиссёрнинг ўткир ижтимоий мавзуларга қўл урганлигига алоҳида тўхталиб ўтилди. Жумладан, унинг "Гастарбайтар" фильми Россия кинопрокатида яхши натижаларга эришди. Фильмда собиқ совет иттифоқи мамлакатларидан келган турли миллат вакиллари турфа йўллар билан Москвада кўришиб қолишлари ва бу шаҳарни ўз ватанлари деб қабул қилишлари ҳикоя қилинади. Ушбу фильмга тўхталар экан, мухбир нега уларни ўз она ватанлари қабул қилмаслигини сўрайди. "Ватан уларни тарбиялайди, чиниқтиради. Улар Россияга келиб ўзларини "кўрмаганнинг кўргани қурсин" қабилида тутадилар ва ўзлигини йўқотган кимсаларга айланадилар", деб жавоб берди.

Режиссёр "Москвабоддан қочиш" фильми тўғрисида гапирар экан, "Бугунги кунда Россияда иккитагина миллат: москваликлар ва Россиянинг қолган аҳолиси",— дейди
"Ўзбек киносининг келажаги борми?", деган саволга миллий киносаноатимиздаги камчиликларни сифатли ҳикоялар тўпламларининг камлиги билан изоҳлади. У, шунингдек, миллий киномиз ривожидан хурсанд бўлишини, лекин киносаноатни ривожлантириш учун аввал адабиётни тараққий эттириш кераклигини алоҳида таъкидлади. Ўзбек киносаноатидаги яна бир муаммо томошабиннинг дидсизлиги бўлиб, замонавий ёшлар долзарб муаммолар кўтарилган киноасарларни эмас, балки енгил-елпи фильмларга ўрганиб қолаётганига ишора қилди.

"Ўзбек киноси Канн фестивалида иштирок этиши мумкинми?", деган саволига "Масаланинг ечими бор. Мен "Ўзбекфильм"нинг раҳбари бўлганман ва миллий кинони жаҳон майдонига олиб чиққанман. Бу қийин бўлмаган. Шунчаки мавзуни тўғри йўналишда танлай билиш керак", — деб жавоб қайтарди.

Кўпроқ янгиликлар