“Sen Yolg’iz Emassan” фонди ҳомийлигида ўзбекистонлик педиатрлар Францияда малака ошириб қайтишди

Жамият 27 Март 2016 681

2015 йилнинг июль ва декабрь ойларида “Sen Yolg’iz Emassan” фонди ҳамда Франциянинг “Умид ришталари” уюшмасининг ўзаро ҳамкорлиги доирасида франциялик шифокорлар ўзларининг ўзбекистонлик ҳамкасблари билан биргаликда туғма юрак нуқсонлари билан хасталанган Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ва кам таъминланган оила фарзандларига бир қатор мураккаб операцияларни амалга оширганди.

Ўзбекистонда болалар кардиожарроҳлигини ривожлантириш соҳасидаги ҳамкорликни давом эттириш мақсадида ушбу француз уюшмаси Академик В.Вохидов номидаги Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик маркази шифокорларини Франциянинг Нант шаҳридаги Педиатрия марказига малака ошириш учун таклиф этди. Бу ҳақда Лола Каримова-Тиллаеванинг фейсбукдаги саҳифасида маълум қилинган.

Мазкур ташаббус “Sen Yolg’iz Emassan” фонди томонидан қўллаб қувватланиб, профессор кардиожарроҳ Ҳакимжон Абралов, болалар кардиожарроҳи Омонжон Алимов, кардиолог Бунёд Акбархонов ва болалар кардиореаниматор-анестезиологи Алишер Ҳайдаровдан иборат шифокорлар гуруҳининг Францияга сафари фонд томонидан молиялаштирилди.

Жорий йилнинг март ойида бўлиб ўтган ушбу сафар, ўз навбатида, шифокорларга болалар кардиожарроҳлигидаги ва кардиореанимациясидаги замонавий услуб ва йўналишлар билан бевосита амалиётда танишиш икониятини яратиб берди.

"Шифокорларнинг ушбу сафари ва етакчи мутахассислар тажрибасини ўрганиш имконияти Ўзбекистонда болалар кардиожарроҳлигини тараққий эттиришда муҳим қадам бўлиб хизмат қилиб, шифокорларга келажакда мураккаб операцияларни ўз вақтида бажаришга, ва бу билан болаларларнинг ҳаётини сақлаб қолишга имконият яратиб беради, деб умид қиламиз", дейлилади хабарда.

Кўпроқ янгиликлар