Буюк Британия фуқароси, Эссекс графлигидаги Челмсфорд шаҳрида яшовчи Алекс Кэвиел ўз дўсти билан маҳаллий паблардан бирига киргач, бошқа мамлакатда уйғонди. У эрталаб Испаниянинг Барселона шаҳрида кўзини очганида ҳайрон бўлиб қолган.

"Мен ҳеч қачон пиёниста бўлмаганман, лекин бу сафар бутун кеча давомида ичиб чиқишга аҳд қилгандим. Биз барга кириб 90 фунт эвазига ичимлик буюртма қилдик. Бу жуда ўткир ичимлик экан", дея Кэвиелнинг сўзларини келтиради Metro нашри.

Маълум бўлишича, у чекиш учун ташқарига чиққач, ғойиб бўлиб қолган. У кўчада турганида автобусни кўриб қолган ва унга чиққан. Бу автобус эса уни аэропортга элтган. Алекс бу ишлар тушда бўлаётгани каби ҳаракатланган ва Испанияга учувчи рейс учун чипта сотиб олган ва самолётга чиққан. У бу жараён давомида бир неча суратлар ҳам олган.

Британиялик бу йигитнинг онгсиз ҳолатда бу ишларни қандай амалга оширгани мавҳум бўлиб қолмоқда.

Эрталаб у уйғонгач, дарҳол отасига телефон қилган ва бу эртакнамо воқеа ҳақида айтиб берган.

Қайд этиш керакки, бундай ҳодисалар аввал ҳам содир бўлган.

Бундан олдинроқ, Алекснинг бир ватандоши кўпроқ ичиб қўйгач, Таиландга кетиб қолганди.

Шунингдек, бир шотландиялик маст ҳолатда Бразилияга рейс чиптасини харид қилгани ва кейин ярим дунёни айланиб келгани воқеаси интернетда машҳур бўлганди.