Ўзбекистоннинг биринчи ракеткаси Денис Истомин АҚШнинг Майами шаҳрида давом этаётган “Мастерс” сериясига кирувчи, соврин жамғармаси 7 миллион 37 минг 595 доллардан иборат нуфузли турнирдаги иштирокини якунлади.

Дениснинг иккинчи босқичдаги рақиби дунёнинг иккинчи ракеткаси британиялик Энди Маррей бўлди.

Маррей ўз иштирокини тўғридан-тўғри иккинчи даврадан бошлади. Бу учрашув Тошкент вақти билан 27 март куни тонги, соат 05.00да бошланди.

Ўзбекистон вакили 1 соату 39 дақиқа давом этган учрашувда 3:6 ва 5:7 ҳисобларида мағлубиятга учради.

Эндиликда, бу теннисчиларнинг ўзаро учрашувлардаги натижаси британиялик теннисчи фойдасига 3:0 бўлиб турибди.

У кейинги босқичда болгариялик Григор Димитров билан тўқнашади.

Таққослаш учун, 29 ёшли Денис Истомин дунё рейтингида 76, 28 ёшли Маррей эса 2-ўринни эгаллаб турибди. Майами турнири ғолиби бир миллион 28 минг 300 доллар мукофот пули ҳамда 1000 рейтинг очкосига эга бўлади.