Калифорния штатининг Санта-Барбара шаҳрида хитой табобатига асосланган клиникага эга шифокор, 57 ёшли Вэйдонг Ханнинг отиб кетилган ҳолдаги жасади топилган. Бу ҳақда Associated Press ахборот агентлиги маълум қилди.

Маълум қилинишича, шифокорнинг жасади ўз уйининг гаражида 29 ёшли рафиқаси ва 5 ёшли қизининг жасадлари билан бирга, полиэтилен пакетга солиниб, скотчлаб ташланган ҳолда топилган.

Хитойлик шифокорнинг ўлдирилиши Санта-Барбара аҳолисини ларзага солди. Шифокор бу ерда таниқли шахс бўлган.

Маҳаллий шериф Боб Браун Ханни ўлдиришда гумон қилиниб, воқеа жойидан 170 миль узоқликда, Сан-Диегодаги автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчасида 27 ёшли эркак қўлга олинганини маълум қилди. Унинг автомобили ичида Ханга тегишли буюмлар ва ўқотар қурол топилган.

Маҳаллий расмийларнинг тахминича, қотиллик Ханнинг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлиши мумкин.