Англия терма жамоаси бош мураббий Рой Хожсон ўртоқлик учрашувида Германия термаси устидан қозонилган иродали ғалаба (3:2) ҳақидаги фикрларини баён этди.

«Бу менинг терма жамоа бошқарувидаги 4 йиллик фаолиятим давомидаги энг яхши ўйин бўлди. Германияни ҳар куни ҳам мағлуб эта олмайсан. Бугун биз Франция билан ўйинда (2:0) бўлгани каби аъло даражада ўйнадик, шу руҳда давом этишимиз керак.

Танаффусда 0:1 ҳисобида мағлубиятга учрашимиз адолатдан бўлмаслиги ҳақида ўйлаётгандим. Бизнинг дарвозабонимиз (Батленд - таҳр.) жароҳат олди ва Крооснинг узоқдан йўлланган зарбасини қайтара олмай қолди. Иккинчи таймда ҳисоб 0:2 кўринишига келиши эса ҳаддан ташқари адолатсиз ҳол эди.

Лекин биз ҳужум қилишда давом этдик ва ўйинга қайта олиб, 3та жавоб голи урдик. Бу фантастик ўйин бўлди. Футболчиларимни ҳар қанча мақташ камлик қилади», – дейди Хожсон.