Суриялик махсус ҳарбий хизматчилар Пальмира шаҳрининг тарихий қисмини миналардан тозалаш ишларини бошлаган. РИА Новостининг Суриядаги мухбири хабарига кўра, ИШИД жангарилари ҳудудни ташлаб чиқишдан олдин қадимий обидалар атрофига миналар жойлаштириб чиққан.

Бундан олдинроқ, Пальмирага юришни бошқариб борган қўмондонлик Пальмирадаги кўчалар ва уйларда Сурия армияси сапёрлари томонидан миналарни бартараф этиш ишлари олиб борилаётгани ҳақида маълум қилганди.

Айни вақтда шаҳар бўйлаб ҳаракатланиш тўхтатиб қўйилган. Ҳаракатланишга фақат шаҳардаги асосий масжидга олиб борувчи йўлда рухсат этилган.

Шаҳарнинг тарихий обидалар жойлашган қисмида катта миқдордаги портловчи моддалар ўрнатилгани эҳтимоли борлиги туфайли бу ҳудудда ҳам йўллар беркитилган.

Шаҳар атрофида кичик отишмалар давом этаётгани хабар қилинган. Ҳарбийлар маълумотига кўра, шаҳар ташқарисидаги аэродромга ўрнашиб олган жангариларнинг кичик гуруҳи қаршилик кўрсатишда давом этмоқда.

Бундан олдинроқ, Сурия армияси шаҳарни бутунлай озод қилгани ва ҳудудда ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилгани ҳақида маълум қилинганди.

Ҳозирда шаҳарни ҳукумат армияси назорат қилмоқда.

Пальмира - ЮНЕСКОнинг инсоният мероси рўйхатидаги 6та тарихий шаҳардан бири ҳисобланади.

Сурия армияси Пальмирани тўла озод қилди