Биринчи Дубай опера театри жорий йилнинг сентябрь ойида ўз фаолиятини бошлайди, деб хабар беради Emaar Properties қурилиш компанияси. Барча бетон билан боғлиқ ишлар ниҳоясига етказилган, том тўлиқ ўрнатилган ва айни дамда электромеханик, бинонинг олд қисми ва безак ишлари амалга оширилмоқда.

Икки мингдан ортиқ томошабинни сиғдира олувчи Dubai Opera биноси бутун бошли Opera District туманининг марказига айланади. Бино лойиҳаси яратувчилари фикрича, янги театр Downtown Dubai шаҳрининг янги таниқли, кўнгилочар маданият маркази бўлиб хизмат қилади. Опера биносининг дизайни Дубай кемасозлик тарихидан илҳомланиб яратилди. Архитекторлар учун арабларнинг анъанавий доу қайиғи асосий илҳом манбаи бўлди. Иморатнинг замонавий имкониятлари бинони театр, концерт майдони ва зиёфатлар зали сифатида ишлатишга хизмат қилади.