Шимолий Кореянинг DPRK Today портали ўзининг YouTube-каналида АҚШга ядровий зарба берилиши моделлаштирилган роликни эълон қилди.

4 дақиқаю 11 сония давом этувчи "Охирги имконият" деб номланган роликда Шимолий Корея армияси имкониятлари намойиш қилинган. Роликнинг охирида баллистик ракета Вашингтондаги Авраам Линкольн ёдгорлик мажмуасига келиб урилган лавҳалар акс этган. Роликнинг ўзи АҚШнинг аланга ичида қолган байроғи тасвири билан якунланади.

"АҚШ томонидан иғвогарликларга йўл қўйиладиган бўлса, биз ҳеч иккиланишсиз огоҳлантирувчи ядровий зарба берамиз. Америка халқи ёруғ оламда яшаш-яшамаслигини ҳал қилиш АҚШнинг ўзига ҳавола", деб видеога изоҳ берилган.

Шимолий Корея март ойи бошидан бери бир қатор катта кўламли ҳарбий машғулотлар ўтказди. 21 мартда мамлакатнинг ғарбий соҳилидан ракета учирилган. Пхеньян, шунингдек, 18 мартда ҳам 22 дақиқалик фарқ билан Япон денгизи томон 2 та баллистик ракета йўналтирди.